ЎҒИРЛАНГАН ҲАМЁН ТОПИЛДИ

 

Бозорга борган киши борки, ўз ташвиши билан банд. Сотувчи ҳам, харидор ҳам. Кимдир олди-бердида савдолашишни маъқул кўрса, яна кимдир... бозорга бошқа “ташвиш” билан ҳам келаркан. Халқ орасида “бозорда ҳамёнимни олдирдим...”, “ҳамёнимни йўлда тушириб қўйибман”, “ҳамёнимни машинада унутиб қолдирибман шекилли...” деганга ўхшаш гапларни эшитиб қоламиз. Набирасига оёқ кийим олиш хаёли билан бозорга келган Солиҳа опа ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилган) пойабзаллар сотиладиган растага ўтиб, сотувчи билан савдолашаётганида ёнгинасида пайдо бўлган киссавурни сезмай қолди. Қарасаки, ҳамёни йўқ! Буюмлари солинган пакет кесилган, ўғри эса, аллақачон манзилига равона бўлган... Энди нима қилсин, уйга қуруқ қўл билан қайтсинми?! Бир муддат нима қиларини билмаган харидор аёл ўзига келгач, дарҳол туман Ички ишлар бўлими ходимларига мурожаат қилди. Нияти яхши, топгани ҳалол экан, ўғри ҳам ўша куннинг ўзида топилақолди.

 

Ўғирланган ҳамён топилгач, айбдорга нисбатан жиноий иш очилиб, иш судга оширилди. Судланувчи аёл киши экан. Муқаддам бир неча маротаба судланган, бу масалада анчайин “тажрибаси бор”лиги учун ҳам у “янги иш бошлаш” да бозорни танлаган экан. Аёл боши билан ўғирликни касб қилган судланувчи ҳақидаги тасаввуримиз унинг таржимаи ҳолида кўринади. 1977 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, миллати молдаван бўлишига қарамай, ўзбек тилини яхши биладиган С.М. аслида Ўзбекистон Республикаси фуқароси, пойтахтда яшайди. Маълумоти тўлиқсиз ўрта, ёлғиз она, 8 нафар фарзанди бор, уларнинг ёлғиз боқувчиси.

Энди воқеани унинг ўзидан эшитинг-да, хулосани ўзингиз чиқаринг. Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди ва ўша куни бўлган воқеаларни бирма-бир айтиб берди. Ўша куни у вояга етмаган қизи билан Чиноз деҳқон бозорига келиб, нарх-навони суриштирганлиги, сабзавот маҳсулотларининг нархи пойтахт бозорларига қараганда арзон эканлигини билганлиги, лекин ёнида 20 минг сўмгина пули бўлганлигини айтиб кўрсатма берди. Шунда аёлнинг хаёлига кимнингдир ҳамёни ёки бирор-бир қимматроқ нарсасини ўғирлаб, шу ернинг ўзида сотиб, уйга керакли нарсаларни олиб кетиш фикри келади. Кейин эса, картошка сотилаётган савдо расталарини айлана туриб, у нотаниш бир аёлни танлайди. Қизига эса, шу атрофда айланиб туришини тайинлайди. Харидор аёл ҳамёнини қўлидаги пакетга жойлайди-да, савдо расталари оралаб кетди. Унинг пойабзаллар сотиладиган растага ўтганини кўрган С.М. қулай фурсат келишини кутади. Харидор аёл бамайлихотир ҳамёнини солган пакетни қўллари орасига олиб, савдолашаётганида С.М. қўлидаги лезвие бўлаги билан пакетни кесиб, харидорга билдирмасдан жигарранг аёллар ҳамёнини ўғирлайди. Кейин шу захоти уруғлар сотиладиган дўконга киради-да, осонгина қўлга киритилган “ўлжа”ни нима қилишни ўйлайди. Яшин тезлигида хаёлига келган фикрни амалга оширади. Олдин ҳамённи очиб кўради, кейин ундаги пулларни олиб, қолган нарсаларни – паспорт билан телефонни, банк пластик карточкасини шу ердаги қоп ичига яшириб, дўкондан чиқиб кетади.

Бозорни айланиб юрган қизининг ёнига бориб, ҳеч нарса бўлмагандай бозордан кўчага чиқиб кетаётганида Чиноз тумани ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинади. С.М. биринчи сўровдаёқ ўғирлик қилганлигини тан олади. Ички ишлар бўлими ходимлари С.М. билан қизини туман ИИБ биносига олиб келаётганида у ёнидаги жиноят қроли бўлган лезвие бўлагини зинапоядан чиқишда ерга ташлаб кетади. С.М.нинг сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилади. Унда ўғирланган 100 минг сўм пул борлиги аниқланиб, холислар иштирокида далолатнома тузилади.

Дастлабки суриштирув вақтида у айбини тан олиб, лезвиени йўлда ташлаб юборган жойни айтади. Холислар иштирокида бу ҳақда баённома тузилади. Аёл айбидан пушаймонлиги, жабланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берганлиги, қарамоғида 8 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, турмуш ўртоғи 4 йил аввал ўткир юрак-нафас етишмовчилиги касаллигидан вафот этганлиги, ёлғиз она бўлиб фарзандларини бир ўзи боқиб келаётганлигини айтиб кўрсатма берди. Шунингдек, у ўзи ҳам қандли диабет ва эпилепсия касалликларига чалинганлиги, ҳеч қаерда ишламаслиги сабабли илгари жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди томонидан тайинланган жаримани ҳам тўлай олмаганлиги, ночор бўлганлиги сабабли шу ишни қилганлиги, бошқа жиноят қилмаслигига ваъда беришлиги, оилавий ахволи оғирлигини инобатга олиб суддан енгиллик беришни сўради.

Жабрланувчи Бойматова Солиҳа судда дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлаб, ўша куни бозорга келганида ҳамёни ичида 100. минг сўм пул, фуқаролик паспорти, банк пластик карточкаси, уяли телефони бўлганлигини айтди. Неварасига пойабзал сотиб олиш учун савдолашиб турганида ҳамёни ўғирланганини билганини айтиб, қўлидаги пакет кесилган ҳолатдалигини кўриб, Ички ишлар бўлими ходимларига мурожаат қилади.

Ўғирлик қилган шахс ушлангач, Ички ишлар бўлими ходимлари унга ҳамёни билан йўқолган буюмларини қайтариб беришгани, судланувчи эса,  етказилган зарарни қоплаганлиги сабабли унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтди. Жабланувчи ҳам аёл-да, судланувчининг вояга етмаган фарзанлари борлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини, ёлғиз аёл эканлигини инобатга олиб унга нисбатан енгиллик бериб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Судда судланувчининг қизи, яъни гувоҳнинг ҳам кўрсатмалари тингланди. У судда дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлаб, онаси ҳақиқатан ҳам ўғирлик содир этганини тан олди.

Судланувчининг айби унинг судда иқрорлик билдириб берган кўрсатмасидан ташқари воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси, унга илова қилинган барча ҳужжатлар, ишда тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ исботланди.

Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчининг “ўғирлик, яъни хавфли рецидивист томонидан жабрланувчининг сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан содир этишда ифодаланган ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш”даги жиноий ҳаракатларини Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 169-моддаси учинчи қисмининг “а” банди билан, “паспортни эгаллаш, уни яшириш ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда содир этиш”да ифодаланган жиноий ҳаракатларини Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 227-моддаси иккинчи қисмининг “а” банди билан тўғри квалификация қилган деб ҳисоблади.

Суд судланувчига жазо тури ва миқдорини белгилашда, Жиноят кодексининг 55-моддасига мувофиқ унинг айбига иқрорлигини, оилавий шароитини, қилмишидан пушаймонлигини, етказилган моддий зарар қопланганлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини, ёлғиз аёллигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди. Мазкур кодекснинг 56-моддасига мувофиқ, у ушбу жиноятни ғаразли ниятларда содир этганини, илгари ҳам қасддан жиноят содир этиб, қилмишларидан хулоса чиқармай, яна қасддан янги жиноят содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар тарафидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 3-сонли Қарори 37, 38-бандларига асосланиб, ҳукм тайинлади. Судланувчининг оғир оилавий шароитлар оқибатида жиноят содир этганлиги, ёлғиз аёл бўлиб қарамоғида  8 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини, етказилган зарар қоплаганлигини, жабрланувчинининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олиб, озодликни чеклаш жазосини қўллашни лозим топди.

Шунингдек, суд судланувчига жазо тайинлашда унга жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар судининг 2017 йил 9 январдаги ҳукми билан тайинланган энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдоридаги жарима жазосини қўшиш йўли билан узил кесил-жазо тайинлашни лозим топди.

Унга нисбатан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун сутканинг соат 22:00 дан 6:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиши чекланланган ҳолда 3 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБ жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга ошириладиган бўлди.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 10.10.2018
Укилди (марта): 2