ҚОРА БОЗОР”НИНГ ҚОРА ИШЛАРИ

Мамлакатимиздаги банкларда хорижий давлатларнинг валюталарини қонуний айирбошлаш учун фуқароларимизга кенг имкониятлар яратилмоқда. Бугун валюта олди-сотдисини қонуний асосда амалга ошириш ҳеч биримизга ноқулайлик туғдирмайди. Шундай бўлса-да, айрим қонунбузар кишилар “қора бозор”даги ишини давом эттириб, яширин йўллар билан даромад орттиришни ўзларига касб қилиб олмоқдалар.

Қонун талаби эса, қатъий, ҳар қандай қонунбузарлик жазосиз қолмайди, албатта. Энг қизиғи, сўраб-суриштирилганида кўпинча валютафурушлар вақтинча ишсиз бўлиб чиқишмоқда. Уларнинг аксарияти ўрта махсус маълумоти бўла туриб, бирор-бир ишнинг қўлини тутмаган фуқаролардир. “Қора бозор”да савдо қилаётган, осон йўл билан қонунга зид равишда мўмай пул топишни одат қилганлар бирин-кетин жазога тортилмоқда. “Қора бозор”нинг қора ишларига қонун ҳимоячилари томонидан чек қўйилмоқда.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида долларфурушларнинг яна бир ноқонуний ишига чек қўйилди. Аввал ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса ҳам, бундан тегишли хулоса чиқармаган Абдували Солиҳов (исм-шарифлар ўзгартирилган) “Янгийўл деҳқон бозори”да ноқонуний равишда валютафурушлик билан шуғуллана бошлади. Кўза кунда эмас, кунида синади, дейдилар, у ҳар қанча ҳушёр бўлиб, қинғир ишини яширишга уринмасин, қонунбузарлик устида ушланди.

Яқинда Чиноз туман маъмурий судида Абдували Солиҳов ҳамда Шокир Дилмуродовга тегишли очиқ суд мажлиси ўтказилди.

Абдували Солиҳов  ўша куни ўртоғи Шокир Дилмуродов билан “Янгийўл деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида ноқонуний равишда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб турган вақтида ушланди. Валютафурушликни одат қилган Абдували ёнига келган нотаниш харидорга бир АҚШ долларини 8230 сўмдан ҳисоблаб, 200 АҚШ долларини  1 миллион 646 минг сўмга пуллаб, ўртоғи иккови пулларни санаб олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари пайдо бўлишди. Валютафурушнинг ранги оқарди, шу тариқа унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

Холислар иштирокида улар шахсий кўздан кечирилганида ҳеч қаерда ишламасликлари, амалдаги қонунчиликни писанд қилмай, бозор ҳудудида валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб турганликлари маълум бўлди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш маъмурий судга юборилди. Валютафурушлар суд мажлисида ҳақиқатан ҳам вақтинча ишсиз бўлганлиги сабабли валюта айирбошлаш иши билан шуғулланиб келишганлигини тан олишди. Улар айбига тўлиқ иқрор бўлиб кўрсатма беришди ва суддан енгиллик сўрашди.

Суриштирув органи томонидан содир этилган ушбу ҳуқуқбузарлик  ҳаракати валюта бойликларини ноқонуний йўл билан, қонунга хилоф равишда ўтказиш деб баҳоланиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 170-моддаси билан Абдували Солиҳов, Шокир Дилмуродовларга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Ашёвий далил сифатида олинган пул маблағлари эса, суд қарори билан давлат эгалигига ўтказилди. 

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 12.10.2018
Укилди (марта): 2