ҲУҚУҚИЙ НАШРЛАР — МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИГИМИЗ КЎЗГУСИ

Халқимиз тарихнинг мамлакат тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган қисқа фурсатларида даврнинг мураккаб синовларидан муваффақиятли ўтиб, ўз олий мақсадлари сари дадил интилмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, босиб ўтилган мустақил тараққиёт йўли Ўзбекистонимиз учун сиёсий соҳада, давлат ва жамият қурилиши, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва маънавият, суд-ҳуқуқ тизими, ташқи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш борасида ривожланиш ва юксалиш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш даври бўлди. 

Истиқлол йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида эришган барча ютуқларимиз, йилдан-йилга мустақиллигимизнинг мустаҳкамланиши, аввало, юртимизда инсон ва унинг манфаатлари устувор этиб белгилангани билан боғлиқ, десак янглишмаймиз. Хусусан, амалга оширилган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг туб моҳиятида ҳам инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадриятдир, деган қоиданинг мазмуни акс этган.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг эълон қилиниши билан мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг субъекти сифатида дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан тан олинди. Давлатимиз БМТ ҳамда бир қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида ўзининг алоҳида, ҳеч қандай тазйиқларсиз миллий ҳуқуқ тизимини шакллантирмоқда.

Энг муҳими, ушбу ҳуқуқ тизими халқаро ҳуқуқнинг муҳим тамойилларига, ривожланган мамлакатларнинг илғор анъаналарига, турмушда ўзини оқлаган меъёрларга, халқимизнинг бой меросига асосланади ва уларни ўзида мужассамлаштиради. Шубҳасиз, миллий ҳуқуқ тизимимизнинг асосини Бош Қомусимиз — Конституциямиз эгаллайди.  Конституция инсонни энг катта бойлик сифатида алоҳида кўрсатгани ҳолда фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни оқилона ҳуқуқий ҳал этишни сиёсий жиҳатдан расмийлаштиради. Конституциянинг 13-моддаси мазмунига кўра, инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасида олий қадрият ҳисобланади. Зеро, давлатни жамиятсиз, жамиятни инсонларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

“Мамлакатда адолат тамойиллари амал қилиши, барқарорлик ҳукм суриши учун уч субъектнинг, яъни давлат, жамият ва фуқароларнинг ўзаро муносабатларидаги қонунийлик асос бўлади. Бошқача айтганда, ана шу уч субъект — давлат, жамият ва инсон муносабатларида уйғунликка, уларнинг манфаатлари бир-бирига мос келишига эришилсагина, ота-боболаримиз орзу қилган адолатли жамият барпо бўлади”, — дейди Президентимиз И.А. Каримов. Бундай олий мақсадга эришишимизнинг асосий омили ҳар бир фуқаронинг мустақил ҳуқуқий тафаккурга эга бўлиши, демократик ўзгаришларни, ислоҳотларни қалбан ҳис қилиши ва унда бевосита иштирок этиши, пировардида ҳуқуқ уларнинг кундалик амалларига айланиб кетиши билан изоҳланади. Айнан ҳуқуқий демократик давлат барпо этишнинг умумий тамойили ҳам қонунларга қатъиян риоя этиш: бунда аввало, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўлса, иккинчидан, фуқароларнинг ўзлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъиян риоя қилишларидир. Қабул қилинаётган қонунлар, унда мустаҳкамланаётган ҳуқуқ ва эркинликлар, бурчларни ҳар бир фуқаро мустақил тарзда амалга ошира олсин ва ислоҳотларда фаол иштирок этсин. Ана шундагина, юксак ҳуқуқий маданиятга эришилади.

Ўзбекистон истиқлолнинг илк кунлариданоқ  келажаги буюк ҳуқуқий демократик, эркин фуқаролик жамияти, адолатли давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Зеро, қабул қилинган қонунлар, Фармон ва қарорлар моҳиятига ҳам айнан ана шу тамойил сингдирилди. Ҳуқуқий демократик давлат сари ташланган ҳар бир қадам ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир оиланинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, ҳуқуқий тарбиянинг қандай олиб борилиши билан бевосита боғлиқ, албатта. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, қонунчилик жараёнларининг жадал кечаётганлигини назарда тутиб, аҳолини юридик маълумотлардан етарли даражада хабардор қилиб бориш лозим. Айниқса, ўқув муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда ҳуқуқий билимлар куни белгиланиб, бу кунда давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ўтказиб бориш, аҳолини, хусусан ёш авлодни ҳуқуқий қўлланмалар билан таъминлаш учун ҳуқуқий кутубхоналар ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятнинг юксалиши ҳуқуқий демократик, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим омилидир. Давлат халқнинг эрки-иродасини қонун даражасига кўтариб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари доирасини белгилайди. Бундан эса, мазкур жамиятнинг аъзолари ҳуқуқнинг субъектлари сифатида баҳраманд бўлишади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз аҳолисини ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлашда салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳар бир қонун ҳужжатини расмий манбаларда ўз вақтида эълон қилиб бориш, қонун ҳужжатларини умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишнинг қонуний тартиби яратилди. Ўзбекистон Республикасининг барча турдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари кодекс, қонун ҳужжатлари тўпламлари, рисола ва бошқа кўринишларда эълон қилиб келинмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ ўртага ташланган “Мустақиллик – ҳуқуқ демакдир!” шиорини байроқ қилган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти ҳам минглаб нусхада китоб, рисола, қўлланма, дарсликлар чоп этиб, халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда етакчилик қилиб келмоқда.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантиришдир. Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим шарти саналади. Шу боисдан аҳолининг ўз конституциявий ҳуқуқ ва бурчларни тўлиқ англаб етиши, ён атрофда содир бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

           Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини тубдан яхшилашга йўналтирилган мақсадли кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган эди.

         Аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий онги, маданияти, билими даражасини оширишни эса, ҳуқуқий саводхонликни таъминламасдан амалга ошириб бўлмайди. Мазкур йўналишда мамлакатимизда зарур ҳуқуқий база тўлиқ шакллантирилган. Хусусан, Конституция, қонунлар, хуқуқ соҳалари бўйича зарур қўлланмалар, шарҳлар, оммабоп юридик адабиётлар яратилган. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб қабул қилинган Асосий қонунимизда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. Демак, фуқароларнинг қонунларни яхши билиши, уларга риоя этиши ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятидир.

Дарҳақиқат, юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият пойдевори ҳамда ҳуқуқий тизим етуклигининг ифодасидир. У жамиятдаги турли хил ҳаётий жараёнларга фаол таъсир кўрсатувчи, фуқароларнинг, барча ижтимоий гуруҳларнинг жипслашувига кўмаклашувчи, жамиятнинг яхлитлиги ҳамда батартиблигини таъминловчи ва мустаҳкамловчи омилдир. Қонунни ҳурмат қилиш ҳуқуқий жамиятнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолият кўрсатишининг асосий талабларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда давлат қурилиши, сиёсат, иқтисодиёт, маънавият соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар эркин фуқаролик жамиятини барпо этишдек эзгу мақсадни рўёбга чиқаришга қаратилгандир. Бу олий мақсадни амалга оширишда демократик тамойилларнинг кишилар онгига теран сингиб бориши муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида бошланган туб ўзгариш ва ислоҳотлар моҳияти, аввало инсон манфаатларига қаратилгандир. Ўз ўрнида ҳуқуқий демократик давлатнинг фуқаролари ҳуқуқий билимлардан хабардор бўлмоғи зарур. Айниқса, мамлакатда қонунийликни таъминлаш ҳуқуқий маданият билан бевосита боғлиқ. Истиқлол йилларида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратила бошланди.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                

Комиллик калити юксак ҳуқуқий маданиятга эришувимиздадир. Мамлакатимизда ёшларни илмли, юксак маънавиятли комил инсонлар қилиб тарбиялашга катта эътибор каратилаётганлиги бежизга эмас. Юртимизда юксак ҳуқуқий маданиятли кишилар қанчалик кўп бўлса, қонун устуворлигига эришиш шунчалик осон бўлади.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

ҳузуридаги ихтисослаштирилган  «Адолат»

 нашриёти давлат корхонаси муҳаррири

Опубликовано: 21.07.2015
Укилди (марта): 2