АЁЛ РУЛДА БЎЛСА...

Ҳозир аёл-қизларимизнинг автомашина ҳайдаши одатий ҳолга айланиб улгурган. Кўпинча уларнинг маст ҳолда рулга ўтирмаслиги, аксарият ҳолларда йўл қоидаларига қатъий риоя қила билганлари сабаб автоҳалокатларга камроқ учраши ҳақида гапирамиз ҳам. Лекин фалокат оёқ остида, дейдилар. Моҳира Файзуллаева (исм-шарифлар ўзгартирилган) бошқариб кетаётган автомашина эҳтиётсизлик оқибатида автоҳалокатга учраганида эшитганлар шундай дейишди.

Моҳира асли сирдарёлик. Оилали, тўрт нафар фарзанднинг онаси. Тадбиркор, муқаддам судланмаган. Бироқ энди суднинг қора курсисида ўтирибди. У Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси  266-моддасининг иккинчи қисми билан айбли деб топилди.

Ўша куни 22:30 ларда Моҳира ўзига тегишли бўлган “LACETTI” русумли автомобилини “Термиз-Тошкент” М-39 йўли бўйлаб Сирдарё вилояти томонидан Тошкент шаҳри томон йўналишда бошқариб келаётганди. Йўлнинг 864 километрида у амалда бўлган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди  3-қисми талабларини қўпол равишда бузиб, ҳушёрликни йўқотиб қўйди. Ушбу қоидаларнинг 77-банди талабларига кўра, ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситасининг ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситасини белгиланган чекланган тезликдан оширмасдан бошқариши зарур. Шунингдек, ушбу қоидада транспорт воситасининг тезлиги ҳайдовчига қоидалар талабларини бажариш учун унинг ҳаракатини доимо назорат қилиб бориш имкониятини бериши кераклиги айтилган. Бундан ташқари, “Йўл ҳаракати қоидалари”да “Ҳаракатланишда ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятида бўлган хавф пайдо бўлса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхтатишини таъминлайдиган даражада камайтириши ёки бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавфсиз айланиб ўтиш чораларини кўриши” кўрсатиб ўтилган. Моҳира бу қоида талабларини билса-да, рулда бошқарувни йўқотиб, шу йўналишда олд томонда ҳаракатланиб кетаётган фуқаро Илҳом Носировнинг бошқарувида бўлган велосипеднинг орқа қисмига урилиб кетади.

Оқибатда жабрланувчи тан жароҳати билан Чиноз тумани тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига олиб келинади. Энг афсусли томони Моҳира жарланувчининг ўлимига сабабчи бўлиб қолди. Илҳом Носиров реанимация бўлимида ўзига келмасдан вафот этади.

Чиноз тумани суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, марҳумнинг бош мия ёпиқ жароҳати, калла суякларининг синиши, бош миянинг оғир даражали лат ейиши, мия пардалари остига ва тўқимасига қон қуйилиши, мия шиши, боши ва ўнг оёғи шилиниши билан боғлиқ тан жароҳатлари аниқланди. Бу тан жароҳатлари марҳумнининг ўлимига олиб келувчи оғир тан жароҳати сифатида баҳоланди.

Иш бўйича ўтказилган Тошкент вилояти СТЭ бюросининг комиссион суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, марҳум касалхонага ўша куни  21:15 да ётқизилиб, унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилган тақдирда ҳам, у кома ҳолатига тушиши оқибатида унинг ўлимини кафолатланган тарзда сақлаб қолиш имкони кам бўлганлигини экспертлар комиссияси кўрсатиб ўтишди. Шунингдек, даволаниш жараёнида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-диагностика стандартлари бузилмаганлиги қайд этилди.

Судланувчи суд мажлисида айбига иқрор эмаслигини билдириб, воқеани қуйидагича изоҳлади. У автомашинасини тахминан 60-70 км/соатда бошқарганлиги, куёви  автомашинанинг олд ўнг ўриндиғида ухлаб қолганлиги, Чиноз тумани ҳудудида автомашинасини асосий йўлда бошқариб кетаётган вақтида чап олди ён қисмига бир нарса тақ этиб урилиб, чап томондаги орқа томонни кўрсатувчи кўзгуга урилганлигини айтди. Шундан кейин Моҳира автомашинасини тахминан 2-3 метр олдинга бошқариб ўтиб тўхтатганлиги, куёви тезда автомашина салонидан тушиб, орқа томонга кетганлиги, лекин у автомашина салонидан тушмасдан, машинани йўлнинг ўнг қисмига олиб ўтиб тўхтатганлиги ҳақида гапирди. Унинг айтишича,  автомашина салонидан тушганида нотаниш киши асфальт устида ётганди. Моҳира велосипедни ҳам шу маҳал кўради. Шу пайт автоҳалокат бўлган жойга “Жигули” русумли автомашина келиб тўхтаганлиги, у ҳайдовчидан жабрланувчини касалхонага олиб боришга ёрдам беришни сўрайди.

Ҳайдовчи рози бўлади. Уч кишилашиб жабрланувчини автомашина салонига ётқизиб, биргаликда Чиноз тумани тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига келишади. Шифокор жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг соғлиғи яхши эканлиги, лекин спиртли ичимлик истеъмол қилгани, ўша пайтда у ўзининг яшаш манзили, иш жойи, исм-шарифини тўлиқ айтганлиги, ҳатто уйига кетмоқчи бўлганлигини айтди.

Жабрланувчининг қонуний вакили, унинг умр йўлдоши ҳам судда кўрсатма бериб судда дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлади. Яъни, ўша куни 21:00 ларда марҳум турмуш ўртоғи Тошкент шаҳридан эшик ва ром сотиб олиб уйига автомашинада олиб келганлиги, эшик-ромларни ҳовлисига тушириб, ҳайдовчига йўл ҳақини берганлиги, ҳайдовчи автомашинасини бошқариб кетиб қолганлиги, шу орада турмуш ўртоғи машина салонида уяли телефони қолиб кетганлигини айтганлиги, велосипедни ўша телефонни олиб келиш учун бошқарганлигини айтиб берди.

Ўша тунда кетганича марҳум турмуш ўртоғи уйга қайтиб келмаганлиги, эртаси куни соат 09:00 ларда автоҳалокат ҳақида қўшнисидан эшитганлигини айтди.

Марҳумнинг аёли ҳайдовчи касалхонада турмуш ўртоғига керакли бўлган дори-дармонларни сотиб олиб берганлиги, лекин оғир тан жароҳати олган умр йўлдоши ўзига келмасдан вафот этганлиги, ҳайдовчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб кўрсатма берди.

Судда гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди.

Суд жиноятчига жазо тайинлашда дастлабки тергов органи ҳамда судга оид тиббий экспертиза хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатмаларини инобатга олди.

Шунингдек, судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 55-моддасига мувофиқ унинг яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, қарамоғида 4 нафар фарзандлари борлигини, жабрланувчининг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини, аёллигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, мазкур кодекснинг 56-моддасига мувофиқ, унинг ҳаракатида жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмас деб топиб, унга нисбатан ушбу модда санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни лозим топди.

Шунингдек, жазо тури ва меъёрини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар тарафидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёи тўғрисида”ги Қарорининг 34-банди иккинчи хатбошисига асосан берилган тушунтиришларга амал қилиб, судланувчининг шахсини, унинг муқаддам судланмаганлигини ва жиноий жавобгарликка тортилмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини, жабрланувчининг қонуний вакилини унга нисбатан даъвоси йўқлигини, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилганлигини, аёллигини эътиборга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, синов муддати белгилашни лозим деб топди.

Судланувчи Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 266-моддасининг иккинчи қисми билан 1 йил муддатга автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва тайинланган жазо шартли деб топилиб, 1 йил синов муддати белгиланди.

Ҳукм ижроси Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар Ички ишлар бўлимига юклатилди.

Моҳира ҳам автоҳалокатдан сўнг тегишли хулоса чиқарди, албатта. Суд мажлисида иқрор бўлиб айтганидек, рулда ҳаётдагидан кўпроқ ҳушёрлик керак экан, ўзи айтганидек энди у рулда эътиборли ва ҳушёр бўлади.

Опубликовано: 09.10.2018
Укилди (марта): 2